Жорий йилнинг 18 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи қабул қилинганининг 35 йиллиги муносабати билан Давлат активларини бошқариш агентлиги томонидан барча ҳудудий бошқармалар иштирокида тадбир ташкил этилди. Тадбирда Агентликнинг Сирдарё вилояти ҳудудий бошқармаси ходимлари ҳам фаол қатнашди.
Тадбир Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг "Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи қабул қилинган куннинг 35 йиллигини кенг нишонлашга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида"ги баёнига мувофиқ ўтказилди.
Тадбирга Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ходими меҳмон сифатида таклиф этилди. У Давлат байроғига оид қонун ва қарорлар ҳақида сўзлаб берди. Шунингдек, байроқ тасдиқланиши арафасида ва жараёнида кечган тарихий воқеалар ҳамда байроқ муаллифи ҳақида қизиқарли маълумотлар берди. Меҳмон Давлат рамзларидан фойдаланиш тартиби ва уларга ҳурмат билан муносабатда бўлиш ҳар бир фуқаронинг бурчи эканини ҳам алоҳида таъкидлади.
Тадбир сўнгида иштирокчилар ўртасида Давлат байроғи ва давлат рамзларига оид онлайн тест ўтказилди. Тестда юқори натижа кўрсатган фаол иштирокчилар тақдирланди.
Тадбир ходимлар ўртасида ватанпарварлик, миллий ғурур ва ифтихор туйғусини мустаҳкамлаш, давлат рамзларига эҳтиром руҳини янада оширишга хизмат қилди.

