Ру Ўз O'z En

Янгиликлар

21 Сентябрь 2026

Бирлашиб, буюк тарих яратамиз!

2026 йил 28 август куни Янги Тошкентда Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллигига бағишланган тантанали маросим бўлиб ўтди. Маросимда сўзга чиққан Президент Шавкат Мирзиёев ўтган даврдаги ютуқлар ва олдинда турган вазифалар ҳақида сўзлади.

Давлатимиз раҳбари мустақиллик илдизлари уч минг йилдан зиёд давлатчилик анъаналарига бориб тақалишини таъкидлади. Жадид боболаримиз — Беҳбудий, Мунавварқори, Фитрат, Қодирий, Чўлпон — орзу қилган эркин ва мустақил Ўзбекистон бугун рўёбга чиққанини алоҳида қайд этиб, давлатимиз раҳбари Биринчи Президент Ислом Каримовнинг хотирасини ҳам эҳтиром билан ёд этди.

Нутқда «инсон қадри» ғояси барча ислоҳотларнинг ўзаги сифатида кўрсатилди. Пахта қуллиги, мажбурий ва болалар меҳнати, конвертация чекловлари, прописка тизими каби одамларни йиллар давомида қийнаб келган муаммоларга барҳам берилгани таъкидланди. Натижада камбағаллик даражаси 2017 йилдаги 35 фоиздан 4 фоизга туширилди, 650 мингдан зиёд оила замонавий уй-жойга эга бўлди, 10 миллион инсоннинг турмуш сифати яхшиланди.

Иқтисодий соҳада ҳам сезиларли натижаларга эришилгани қайд этилди: хорижий инвестиция ҳажми йилига 2–3 миллиард доллардан 40–50 миллиард долларга етказилди, «Иқтисодий эркинлик индекси»даги ўрин 80 поғона яхшиланди.

Таълим соҳасида боғча қамрови 78 фоизга, талабалар сони 1 миллион 600 минг нафарга етказилди, уларнинг ярмидан кўпини қизлар ташкил этмоқда. Соғлиқни сақлаш соҳасига ажратилаётган маблағ 8 каррадан зиёд оширилиб, аҳолининг ўртача умр кўриш давомийлиги 1991 йилдаги 66,4 ёшдан 2025 йилда 75,4 ёшга етказилди.

Президент мамлакатимизнинг фан-технология соҳасидаги ютуқларини ҳам алоҳида таъкидлади — истиқлол байрами арафасида «Самарқанд — 2028» сунъий йўлдоши фазога учирилгани ва ўзбек тилининг рақамли дунёда илм-технология тилига айланиши стратегик вазифа этиб белгиланди.

Нутқда давлатимиз раҳбари келгуси ўн йилликни миллий юксалиш даври деб атади ва шу мақсадда «Юксалишнинг етти миллий дастури» амалга оширилишини эълон қилди. Дастурлар таълим ва малака, соғлиқни сақлаш, юқори технологик иқтисодиёт, экология, суд мустақиллиги, маҳалла институти ва халқаро ҳамкорлик йўналишларини қамраб олади.

«Биз бугун кечагидан кучлимиз. Насиб этса, эртага бундан ҳам кучли бўламиз», — деди Президент нутқини якунлар экан. — «Ватанимизнинг олтин даврини, янги буюк тарихини албатта барчамиз биргаликда яратамиз!»

4 Чоп этиш
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech