Тегишли хусусийлаштириш дастурига асосан Давлат активларини бошқариш агентлиги (кейинги ўринларда – “Давлат активлари агентлиги”) “Ўзагросуғурта” АЖ устав капиталидаги 99,35% давлат акциялар пакетини (кейинги ўринларда – “Актив”) хусусийлаштириш бўйича халқаро очиқ савдо жараёни бошланганлигини эълон қилади.
Халқаро даражада хусусийлаштириш жараёнини муваффақиятли ва самарали ташкил этиш мақсадида “Deloitte” халқаро компанияси – етакчи молиявий консультант сифатида ҳамда молиявий, солиқ ва юридик экспертиза (“vendor due diligence”) ўтказиш бўйича, шунингдек, мустақил баҳоловчи сифатида “PwC” халқаро компанияси жалб қилинган.
Қисқача маълумот:
“Ўзагросуғурта” АЖ – Ўзбекистондаги йирик суғурта компаниялардан бири бўлиб, суғурта соҳасининг барча 17 та класси бўйича юридик ва жисмоний шахсларга 100 дан ортиқ суғурта хизматларини Республика бўйлаб 1000 нафарга яқин суғурта агентлари орқали тақдим этади.
Актив, Moody’s Investors Service халқаро рейтинг агентлигининг “Ва3” - ўртача даражадаги ҳамда барқарор молиявий ҳолатини акс эттирадиган кредит рейтингига эга бўлиб, 2024 йил якунига кўра компаниянинг суғурта мукофотлари 418,2 млрд сўмни ташкил этган.
Сотиш жараёни тўғрисида:
Активни хусусийлаштириш жараёни очиқ рақобат асосида амалга оширилади, у ҳам маҳаллий ва ҳам халқаро даражада барча қизиқиш билдирган шахслар учун очиқдир.
Савдо жараёни икки босқичда амалга оширилади:
- Cотиб олиш бўйича қизиқиш билдириш (“Expression of interest/ EoI”);
- Мажбуриятга эга бўлган таклифларни қабул қилиш (“BO”).
Cотиб олиш бўйича қизиқиш билдириш (“Expression of Interest/ EoI”) босқичини амалга ошириш жараёни:
Қизиқиш билдириш босқичида талабгорлардан қуйидаги маълумотлар билан сотиб олиш бўйича қизиқиш билдириш тўғрисидаги аризаларини (Express of interest) тақдим этишлари сўралади:
- Талабгор тўғрисида қисқача маълумот (рўйхатдан ўтганлиги тўғрисидаги маълумотнома, фаолият тури).
- Иштирокчининг устав капиталида 5% дан ортиқ улушга эга бўлган акциядорлар/иштирокчилар (улуши кўрсатилган ҳолда) ҳамда якуний бенефициарлар тўғрисида маълумот.
- Сўнгги 3 молия йили учун молиявий ҳисобот.
Талабгорлар қизиқиш билдириши тўғрисидаги аризаларини ўзбек, рус ёки инглиз тилларида тайёрлаб, 2025 йил 22 август Тошкент вақти билан соат 23:59га қадар jmamadjanov@deloitte.uz электрон почта манзилига юборишлари талаб этилади.
Келиб тушган аризалар қуйидаги мезонлар асосида сараланади:
- Активни сотиб олиш учун молиявий ресурсларининг етарлилиги;
- хусусийлаштириш жараёнида иштирок этилишини тақиқлаши мумкин бўлган маъмурий, ҳакамлик ёки бошқа суд жараёнларининг йўқлиги;
- Ўзбекистон Республикасининг 660-II-сонли “Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонунига риоя этилиши;
- Талабгор (консорциум ҳолатида, консорциум аъзоларидан ҳеч бири) ва унинг акциядорлари/иштирокчиларининг ҳеч бири давлат компанияси эмаслиги;
- Талабгор (консорциум ҳолатида, консорциум аъзоларидан ҳеч бири) ва унинг тегишли шахсларидан ҳеч бири Европа Иттифоқи ва АҚШнинг, шунингдек йирик халқаро молия институтларининг (Жаҳон банки, Европа тикланиш ва тараққиёт банки, Осиё тараққиёт банки) санкциялари рўйхатига киритилмаган бўлиши. Шу билан бирга, ариза топширилган санада талабгорлар санкцияланган шахс(лар) ёки юқорида айтиб ўтилган санкция органлари томонидан ҳар қандай иш ёки тергов объекти(лари) бўлмаслиги, талабгорлар (консорциум ҳолатида, консорциум аъзоларидан ҳеч бири) ва унинг тегишли шахсларидан ҳеч бири юқорида айтиб ўтилган муассасалар ва давлатларнинг санкциялар режимига зид бўлган ҳар қандай фаолиятга (тўғридан-тўғри ёки бирон бир шўъба корхонаси орқали) жалб этилмаган бўлишлари ва Талабгор (консорциум ҳолатида, консорциум аъзоларидан ҳеч бири), шунингдек унинг тегишли шахсларидан бирортасининг асосий молиялаштирувчи томонлари ёки кредиторлари санкциядаги шахслар ёки санкциядаги шахсларга тегишли бўлган ёки улар томонидан эгалик ва назорат қилинадиган банклар ёки молия институтлари бўлмаслиги.
Қизиқиш билдириш тўғрисидаги аризаларини қабул қилиш якунлангач, навбатдаги босқичга ўтганлар рўйхати шакллантирилади ва Давлат активлари агентлиги томонидан мазкур босқич натижаси бўйича тегишли эълон берилади. “Deloitte” томонидан қизиқиш билдирган барча талабгорларга Жараён хати (Process Letter) орқали жараён натижалари ва кейинги босқич тўғрисида индивидуал равишда хабардор қилинади.
Қўшимча маълумотлар учун қуйидаги алоқа каналларига мурожаат қилинг:
- Джахонгир Мамаджанов, “Deloitte”нинг Ўзбекистондаги раҳбари: jmamadjanov@deloitte.uz; тел.: +998 90 188 71 11
- Муллажонов Аброр, Давлат активлари агентли масъул ходими: a.mullajonov@davaktiv.uz; тел.: +998 71 259 22 16
Сотиш жараёнининг келгуси босқичлари тўғрисида:
Навбатдаги, Мажбуриятга эга бўлган (BO) таклифларни қабул қилиш босқичига ўтган иштирокчилар билан Ахборотни ошкор этмаслик тўғрисидаги битим (NDA) имзоланади ва мажбуриятга эга бўлган тижорат таклифларини тайёрлаш учун виртуал маълумотлар хонасига (VDR) кириш таъминланади ҳамда “Deloitte” компанияси томонидан тайёрланган корхонанинг молиявий, солиқ ва юридик фаолияти бўйича комплекс таҳлилий ҳисоботлар (vendor due diligence)ни ўрганиш, Активга ташриф буюриш ва унинг фаолияти билан танишиш имкониятига эга бўлади.
Шу билан бирга, Мажбуриятга эга таклифлар (BO)ни тақдим этишдан аввал, иштирокчиларга Активни сотиб олиш ва унинг келгусидаги фаолияти бўйича асосий шартлар тўғрисидаги Битим (“Term Sheet”) тақдим этилади ҳамда таклиф қилинаётган мажбуриятга эга бўлган нарх таклифларининг камида 1% миқдоридаги кафолат тўловини киритиш талаб этилади.
Ушбу эълон чоп этилгандан сўнг “Deloitte” халқаро бозорларда Активни тарғиб қилиш, инвестиция тизерларини офислари тармоғи орқали тарқатиш ва стратегик инвесторлар билан фаол мулоқотга киришиш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга оширади.
Давлат активлари агентлиги Консультант – “Deloitte” билан ҳамкорликда савдонинг ҳар бир босқичи тўғрисида жамоатчиликка ахборот бериб, иштирокчиларни хабардор қилиб борилишини таъминлайди.
Дисклеймер:
Давлат активлари агентлиги сотиш жараёнининг кетма-кетлигини ўзгартириш ёки потенциал харидорга (харидорларга) сотишни ёки сабабларини тушунтирмасдан исталган вақтда улар билан музокара олиб боришни рад этиш ҳуқуқини ўзида сақлаб қолади.
Ушбу эълон ёки унинг мазмунининг бирон-бир қисми мазкур эълон чоп этилишидан келиб чиқиб тахмин қилиниши мумкин бўлган Давлат активлари агентлигининг Активни сотиш билан боғлиқ бирор-бир шаклдаги мажбурияти сифатида талқин қилинмаслиги керак. Давлат активлари агентлиги ўз хоҳишига кўра ҳар қандай вақтда ва ҳар қандай муносабатда, биргаликдаги ёки шахсий жавобгарликни ўз зиммаларига олмасдан:
(i) савдо жараёнининг босқичлари муддати ва тартибини ўзгартириш;
(ii) турли хил манфаатдор томонлар учун турли хил тартиб-қоидалар бўйича иш тутиш ва/ёки Давлат активлари агентлиги томонидан кўзда тутилган режа-жадвал ва тартиб доирасида исталган бошқа потенциал харидорни (харидорларни) олдиндан огоҳлантирмасдан чиқариб ташлаган ҳолда бир ёки бир нечта потенциал харидорлар билан музокаралар олиб бориш;
(iii) аниқ сабабга кўра сотиш жараёнини тўхтатиш;
(iv) ва/ёки исталган вақтда ва сабабларни тушунтирмасдан Савдога тааллуқли бўлган ҳар қандай потенциал харидор (харидорлар) билан ҳар қандай муҳокама ва музокараларни олиб бориш/тугатиш ҳуқуқларини ўзида сақлаб қолади.